Ижтимоий тармоқларда “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш гўёки мумкин эмас, деган мазмундаги хабарлар асоссиз. Ҳолат бўйича Мусулмонлар идораси матбуот хизмати муносабат билдирди.
Билдирилишича, Ўзбекистондаги расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи кенг муҳокамаларга сабаб бўлган хабарлар ҳам ёлғон ҳисобланади.
Эслатилишича, ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаради.
2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.
«Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ», дейилади идора хабарида.
(Расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхатини ушбу ҳавола орқали тақдим этилган)
Таъкидланишича, Ислом маърифатини тарқатиш, халқимизга дину диёнатни етказиш ва ёшларни илму маърифатли қилиш зиёлилар, хусусан дин пешволарининг энг муҳим вазифасидир.
«Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги имом-домлалар томонидан Интернет оламида маънавий-маърифий йўналишларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси muslim.uz сайтида “Қуръони карим ва тажвид”, “Илм ва одобга оид ҳадислар шарҳи”, турли ваъз-насиҳатлар. Фатво марказининг fatvo.uz каналида диний савол-жавоблар ва Муфтий ҳазратларининг @Муфтий_Нуриддин_домла каналларида эса руҳий тарбияга оид суҳбатлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда», дейилган хабарда.
Идоранинг хулоса қилишича, мўмин-мусулмонлар мана шундай расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринмоқда. Шунинг учун ҳам экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда ҳоҳ жума табриги бўлсин, ҳоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланади. Аввалроқ, тарқатиш тақиқланган экстремистик сайт ва тармоқлар рўйхати эълон қилинган эди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!