Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 21 ёшли йигит қилгани жинояти сабаб ИИБ биносига олиб келинган. Аммо, у 4-қаватдан сакраб вафот этган. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълумот берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 22 май куни тонгги соат 04:30 ларда Чилонзор туманидаги йўл патруль хизмати масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторлари томонидан Gentra тўхтатилган.
Мазкур автомобиль йўловчиси 2002 йилда туғилган Х.Т. ўз хатти-ҳаракатлари билан ходимларда шубҳа уйғотгани сабабли холислар иштирокида текширилган ва унинг ёнидан ўткир ҳидли тўқ жигарранг рангидаги модда борлиги аниқланиб, расмийлаштириб олинган. Шундан сўнг, Х.Т. ва тўпланган ҳужжатлар Чилонзор тумани ИИО ФМБга топширилган.
Ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, Х.Т.нинг ёнидан топилган модда 53,52 граммни ташкил қилиб, “гашиш” гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.Т.га нисбатан ЖКинг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) асосида жиноят иши қўзғатилган.
Шу куни тахминан соат 18:50 ларда Х.Т. Чилонзор тумани ИИО ФМБдаги 4-қаватда жойлашган хизмат хонасига олиб кетилаётган вақтида, ҳожатхонага киришни сўраган. Х.Т. 4-қаватда жойлашган ҳожатхонага киргандан сўнг, терговдан қочиб яшириниш мақсадида ҳожатхона деразасидан пастга сакраши натижасида бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган.
Туман ИИО ФМБ ходимлари Х.Т.га зудлик билан тез-тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида РШТЁИМга олиб бориб, унга «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси» ташхиси қўйилган. 29 май куни Х.Т. касалхонада вафот этган.
Бош прокуратура йигитнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат прокуратура томонидан текширилаётганини маълум қилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!