Yangiliklar

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги бир қатор мансабдорларга «ҳайфсан» берилди

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги бир қатор мансабдорларга «ҳайфсан» берилди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Йиғилишни соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов олиб борди.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда дастлаб тиббиётнинг бирламчи тизимидаги ислоҳотлар натижадорлиги таҳлил қилинди. Соғлиқни сақлаш вазири таъкидлаганидек, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури доирасида мазкур соҳани аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида 110 та оилавий шифокорлик пункти, 30 та оилавий поликлиника ва 520 та маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш белгиланган.

Бироқ ўтган даврда Тошкент вилоятида режадаги 10 та, Қашқадарёда 9 та, Сирдарёда 5 та оилавий шифокор пунктидан бирортаси ташкил этилмаган. Худди шундай, оилавий янги поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш борасида Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.

Йиғилишда бирламчи тизимни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ва маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш бўйича давлат раҳбари топшириқларини бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун бир қатор масъулларга «ҳайфсан» интизомий жазо чораларини қўллаш белгиланди.

Йиғилишда скрининг дастурларини амалга ошириш ҳолати ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг 6 ойида 2-10 ёшли 4,9 млн. нафар боланинг 3,1 млн. нафари гельминтозни аниқлаш бўйича скринингдан ўтказилган бўлиб, улардан 139 мингтасида касаллик аниқланган, соғломлаштириш тадбирлари олиб борилган.

Бироқ режа ижроси Навоий, Фарғона, Тошкент, Самарқанд вилоятларида республикадаги ўртача кўрсаткичдан пастлиги кўрсатиб ўтилди. 3-18 ёшли болаларнинг 4,5 млн. нафари онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида оммавий ва селектив скринингдан ўтказилиб, уларнинг 418 нафарида касаллик аниқланган.

Шунингдек, 35-55 ёшдаги 1,2 млн. нафар аёл бачадон бўйни саратони, 45-65 ёшдаги 1 млн. нафар аёл кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш бўйича скринингдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича даволаш ишлари олиб борилган. Қолаверса, 40 ва ундан катта ёшдаги 5,2 млн. нафар аҳоли юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларини аниқлаш мақсадида скринингдан ўтказилиб, уларнинг 395 минг нафарида касаллик аниқлангани қайд этилди.

Шу билан бирга, вазир олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан профилактик кўриклар ва скрининг дастурларини амалга ошириш механизми жойларда тиббиёт ходимларига тўлиқ тушунтириб берилмагани ва жараён тизимли назоратга олинмагани сабабли тармоқ режалари нотўғри тузилгани, уларнинг ижроси талаб даражасида бажарилмаганини танқид қилди.

Шундан келиб чиқиб, даволаш-профилактика ишларини талаб даражасида ташкил этмагани, тиббиёт бригадалари фаолиятини ташкиллаштиришда назоратни сусайтиргани, аҳоли репродуктив саломатлиги кўрсаткичларининг ёмонлашгани учун йиғилишда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Юсупов ҳамда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Арабов, Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Орипов ва Ўзбекистон тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Х.Қурбонов, Хива туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болалик масалалари бўйича ўринбосари М.Жуманиёзова, Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари ўринбосари А.Ибодуллаев, Хоразм вилояти Тез тиббий ёрдам маркази директори У.Матякубов, РШТИЁМ Хоразм филиали директори ўринбосарлари Б.Юсупова ва Б.Машариповлар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Йиғилишда “Қишлоқ шифокори” дастури ижроси ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Бу дастурни бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Сирдарё, Навоий, Жиззах, Хоразм, Тошкент вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарларига ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.

Ҳайъат йиғилишида тез тиббий ёрдам хизматидаги мавжуд муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Таҳлиллар асносида Президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида камчиликларга йўл қўйилганлиги, бу борада етарли чоралар кўрмагани учун Республика тез тиббий ёрдам маркази Самарқанд вилояти филиали раҳбари Д.Toғаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Шунингдек, Республика тез тиббий ёрдам маркази раҳбари А.Гафуровга «ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда давом этаётган йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярмида соғлиқни сақлаш ташкилотларига келиб тушган мурожаатлар ижроси таҳлил қилинди.

– Президентимиз таъкидлаганидек, бизнинг амалга оширган ишларимизга аҳоли баҳо беради, – деди вазир. – Халқимизнинг баҳоси эса тиббиёт тизимига бўлаётган мурожаатларда ўз аксини топмоқда. Улар биз учун кўзгудир.

Қайд этилганидек, Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2023-йилнинг 6 ойи давомида жами 39 минг 376 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 2022-йилнинг мос даврига нисбатан 5 мингтага ёки 12 фоизга камайган. Шунга қарамай, ҳудудлар кесимида аҳоли мурожаатлари билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган масъуллар аниқланди. Уларга ҳам ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.