Yangiliklar

Гавайи оролларида юз бераётган ўрмон ёнғинлари 53 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Гавайи оролларида юз бераётган ўрмон ёнғинлари 53 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Мауи оролида тез тарқалаётган ўрмон ёнғинлари қурбонлари сони камида 53 кишига етган. Гавайидаги тарихий Лахайна шаҳрини деярли вайрон қилган ёнғин 80 фоизга ўчирилган, деб хабар бермоқда CBS News.

Расмийларнинг таъкидлашича, Гавайи архипелагидаги энг йирикларидан бири бўлган Мауи оролида кўплаб ёнғинлар давом этаётгани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкин.

Полиция одамларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» Лахайна шаҳридан узоқроқ туришга чақирди ва аҳолининг уйларига қайтиши учун барча имкониятларни ишга солишини айтган.

Оролнинг ғарбий қисмидаги одамлар Мауи Кахулуи аэропортига эвакуация қилинди. Мауи расмийларининг айтишича, 1400 киши тунни аэропортда парвозларини кутиб ўтказган.

Пайшанба куни Байден маъмурияти Гавайидаги ёнғинларни «катта фалокат» деб эълон қилди. Ёнғинларга қарши курашиш учун федерал маблағлар ажратилади.

Соҳил хавфсизлик хизмати пайшанба куни ёнғинлардан қутулиш учун ўзини океанга ташлаган 17 кишини сувдан қутқарганини маълум қилди. Сувда бедарак йўқолганлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Мауи оролидаги 16 та йўл ҳамон ёпиқ.

Ёнғинни ўчиришда Миллий гвардиянинг иккита вертолёти иштирок этмоқда. Чоршанба куни 58 та рейс билан 100 000 галлондан ортиқ сув туширилган.

Hawaiian Electric маълумотларига кўра, пайшанба куни тушдан кейин оролда 12 400 га яқин одам электрсиз қолган.

Мауи оролидан олинган даҳшатли кадрлар сешанба оқшомида тез тарқалаётган ёнғин уйларни бирин-кетин вайрон қилганини кўрсатади. Аҳоли қочишга ҳаракат қилмоқда.

Ўрмон ёнғинлари Мауи оролини вайрон қилди, бир вақтлар гавжум бўлган шаҳар кўчаларида ёниб кетган машиналар ва кул уюмларини қолдирган.

Аввалроқ расмийлар 271 иншоот қисман шикастлангани ёки вайрон бўлгани, ўнлаб одамлар жароҳатлангани ҳақида хабар берган.