Iqtisod

Марказий банкка 2024 йилдан бошлаб оилавий тадбиркорлик дастурлари учун банкларга камида 2 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратиш топшириғи берилди

Марказий банкка 2024 йилдан бошлаб оилавий тадбиркорлик дастурлари учун банкларга камида 2 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратиш топшириғи берилди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августда “Қорақалпоғистонда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Марказий банкка 2024 йилдан бошлаб ҳар йили тижорат банкларига Қорақалпоғистон Республикаси учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида камида 2 трлн. сўм кредит маблағлари ажратиш бўйича топшириқ берилган. Бундан ташқари, регуляторга қуйидаги шартлар асосида кредит маблағлари ажратиш тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилган. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида янгидан ташкил этилган, ҳисоб рақамида маблағ етарли даражада айланмаган тадбиркорлик субъектларига, молиявий қўллаб-қувватлаш учун гаров таъминотидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача бўлган миқдорда (330 млн сўм) ажратилади. Шу билан бирга, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш, билим ва салоҳиятини ошириш мақсадида уларнинг хорижий давлатларда таҳсил олишлари учун 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда кредит ажратилади.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, бугунги кунда оилавий тадбиркорлик учун кредитлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси («суверен жамғарма», мамлакат консолидацияланган бюджетининг бир қисми) ёки Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети маблағлари, еврооблигациялар ёки кредитлар ҳисобидан ажратиларди. Лекин, биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Ўзбекистон давлат бюджетининг харажатлари даромадларидан 29 триллион сўмга (2,5 миллиард АҚШ доллари) ошиб кетди. 2023 йил охирида профицит прогноз қилинганига қарамай, дефицит деярли 6,2 фоизни ташкил этди.

Консолидацияланган бюджет (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ўз ичига олади) тўғрисидаги маълумотлар ҳозирча очиқланмади. Яна бир маълумот, давлатимиз раҳбари жорий йил 2 август куни бўлиб ўтган йиғилишда «маҳалла еттилиги» кафолати остидаги оилавий тадбиркорлик субъектларига гаровсиз кредитлар лимити 33 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилишини маълум қилганди. Маблағларнинг бир қисми нақд пулда берилиши мумкин.