Сўнгги йилларда иссиқхоналар майдони 3 баробарга кўпайиб, 5,2 минг гектарга етди, уларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми 90 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайди. Муҳими, иссиқхоналар 150 минг аҳолини юқори даромадли иш билан банд қилмоқда.
– Шу билан бирга, қишдаги қаттиқ совуқдан энг кўп зарар кўрганлардан бири бу – иссиқхоначилар. Уларнинг барча муаммоларидан хабарим бор, – деди Президент.
Бундан буён Энергетика вазирлиги, вилоят ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилиши белгиланди. Бунда вазирлик вилоят ҳокимлари билан бирга ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва газ) иссиқхоналарга узлуксиз етказиб бериш кафолатини беради, иссиқхоналар эса етказиб берилган ёқилғи учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни ички бозорга ва экспортга чиқариш бўйича мажбурият олади.
Ихтиёрий равишда кўмир ёқилғисида ишлайдиган иссиқхоналарга давлат томонидан рағбатлантириш пакети жорий қилинади.
Жумладан, иссиқхоналарга махсус омбор қуриш ва айланма маблағ учун 14 фоизли кредит линияси очиб берилади, иситиш қозонларини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи қоплаб берилади.
Табиий газда ишлайдиган иссиқхоналар айланма маблағларини тўлдиришга ҳам 650 миллиард сўм кредит ресурслари йўналтирилади.
Иссиқхоналарда сердаромад маҳсулот етиштиришни кўпайтириш мақсадида четдан олиб келинадиган гул туганаклари, пиёзбошлари ва қаламчалари 2025 йилга қадар божхона божидан озод қилинади.
1 мингта иссиқхонанинг 2,2 триллион сўмлик кредитларини қайтариш муддати узайтириб берилади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!