Surishtiruv

Нега дам олиш учун Анталияга бориш керак?

Нега дам олиш учун Анталияга бориш керак?

Анталия – Туркиянинг туризм пойтахти. Ҳар йили бу шаҳарга бутун дунёдан 30 миллионга яқин сайёҳлар дам олгани келишади. Мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган шаҳар люкс-курорт зонаси ҳисобланиб, йилнинг ҳар фаслида одамларга лиқ тўла.

Хўш, нега айнан бу шаҳарга дам олгани кўп келишади? Demokrat.uz Анталиянинг дам олиш учун қулай бўлган баъзи жиҳатларини келтириб ўтади:

Шаҳардаги микс атмосфера

Биласиз, Туркия тарихи жуда бой. Умуман бу давлат географик нуқтайи назаридан ҳам Шарқ ва Ғарбни бир-бирига боғлайди. Анталияда эса қадимги юнон ва замонавий европа, шунингдек, ислом маданияти бирдек мужассам. Микс атмосфера сизни, албатта, лол қолдиради.

Анталия – тоза ва яшил шаҳар

Анталия сув ҳудудида жойлашгани боис, иқлими жуда ёқимли. Ҳавода намлик даражаси юқори. Тўғри, ёз фаслида жуда иссиқ, бироқ қолган фасллар ҳамда айниқса, баҳор ва кузда об-ҳаво бетакрор бўлади. Шаҳар яшил дарахтларга бой. Анталия архитектураси ҳавас қиларли даражада. Яъни, уйлар, жамоат биноларида ўзгача файз бор. Улар тарих ва бугунни ўзида жамлайди. Шунингдек, Анталияда кўплаб бинолар мовий рангда. Шунинг учун ҳам кўпчилик бу ерни мовий шаҳар деб атайди.

Сайёҳлар учун керакли инфратузилма мавжуд

Саёҳат ва турист учун, энг аввало, инфратузилма муҳим. Яъни, сиз борадиган шаҳар қулай бўлмаса, саёҳатингиз давомида турли муаммоларга дуч келишингиз мумкин. Масалан, жамоат транспорти, пул айирбошлаш шахобчалари, оммавий овқатланиш жойлари, дам олиш масканларининг жойлашуви ва нархлари – буларнинг ҳаммаси муҳим. Анталияда ана шу қулайлик сизни кутиб олади. Яъни, Анталияда инфратузилмадан қийналмайсиз.

Халқаро аэропорт – жуда қулай

Анталия аэропорти жуда катта. Бу ердан маҳаллий ва халқаро рейсларда минглаб одамлар хизматлардан фойдаланади. Шунингдек, кўплаб давлатлар билан тўғридан-тўғри рейслар ҳам бор. Масалан, Ўзбекистондан ҳам бугун Анталияга тўғридан-тўғри учсангиз бўлади.

Кеча ва бугун

Қадимдан бу ҳудуд турли кучлар бошқарувида бўлган. Шунингдек, ҳар бир даврда Анталия юксалаверган, меъморчилик обидалари йилдан-йилга кўпайган. Шунинг ортидан бугун шаҳарда ҳам тарихий, ҳам замонавий атмосфера мужассам. Айниқса, Эски шаҳар сайёҳлар макони. Бу ерда сиз Анталия тарихига гувоҳ бўласиз.

Анталияга қандай тарифларда бориш маъқулроқ?

Анталия – туристик шаҳар. Нарх-наво ҳам шунга яраша, Туркиянинг қолган шаҳарларига қараганда юқорироқ. Аммо, маҳаллий аҳолининг дўконларидан арзонроқ нархларда ҳам савдолашсангиз бўлади. Энг яхшиси, Анталияга саёҳат режалаштираётганда “ алл инcлусиве” – яъни, ҳамма хизматлар ёқилган тарифларни харид қилган маъқулроқ. Бу ҳам вақтингизни, ҳам пулингизни тежайди.

Шохрух Мажидов – журналист