Ижтимоий тармоқларда кечадан бери Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош Бошқармасидан 33 ёшли шахснинг ўлиги чиққани хабари фаол муҳокама қилинмоқда. Маълум бўлишича, босқинчилик ва бошқа жиноятларда гумонланган фуқаро бошқарма биносида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура текширув ўтказаётгани, ўлим сабабини аниқлаш бўйича тегишли судга оид тиббий экспертиза тайинлангани айтилганди. Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, гумонланувчининг вафоти юзасидан бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказиш зарурати туғилганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 206 ва 235-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Яъни, ўлим воқеаси ортидан ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ҳамда қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муамола, жазо турларини қўллаш ҳолатлари текширилади. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Марҳум фуқаро ўта оғир жиноятларни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган. Хўш, аслида нима бўлганди?
Қайд этилишича, 29-июл куни уюшган жиноий гуруҳ фуқаро М.Р ни уриб-дўппослаб, сўнгра автоуловга мажбурлаб ўтказиб, номаълум хонадонга олиб борган. 2 кун давомида жабрланувчи фуқаро тутқунликда ушлаб турилган. Тазйиқлар натижасида жиноятчилар жабрланувчидан бир нечта тилхатлар ёздириб олган, мулкларни номига ўтказган. 31-июл куни эса жабрланувчи шифохонага етказилади ва воқеа ҳақида ҳуқуқ тартибот органлари хабар топгач, жиноий гуруҳ аъзоларидан иккитаси қўлга олинади. 12-август куни ИИББ да вафот этган фуқаро айнан шу икки гумонланувчиларнинг биридир.
Расмий хабарда шунингдек, гумонланувчининг 12 август куни тергов учун олиб келиниб, баённома расмийлаштираётган вақтда тўсатдан ҳушдан кетганлиги ҳам маълум қилинган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!