O‘zbekiston

Ўзбекистон бўйича 14-18 август кунлари учун об-ҳаво прогнози эълон қилинди

Ўзбекистон бўйича 14-18 август кунлари учун об-ҳаво прогнози эълон қилинди

«Ўзгидромет»нинг хабар беришича, ушбу ҳафта давомида ҳарорат фони меъёрдан паст бўлади.

Синоптиклар огоҳлантирганидек, ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига Урал ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келди ва ҳаво ҳарорати барча жойларда 29-32 даражагача, жанубий ҳудудларда 34-35 даражагача пасайди.

Бугун ва эртага республика ҳудуди бўйича салқин об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат кечалари 13-16 даража, кундуз кунлари 27-32 даража, жанубда 35 даражагача бўлади. Бу август ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан 2-4 даражага пастдир.

Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво массаси республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди, ҳаво ҳарорати кўтарилади ва ҳафта охирига келиб, кечалари 17-20 даража, кундуз кунлари 34-37 даража атрофида бўлади.

Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Фарғона вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида бугун кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

14-15 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.

Шунингдек, пойтахтда 14-18 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун ва эртага ҳарорат 29-32 даража бўлади, сўнг 34-37 даражагача аста-секин кўтарилади. Ҳафта бошида ҳарорат кечаси ва эрталаб 13-16 даража, ҳафта охирига келиб 17-20 даража бўлади. Шамол шарқдан бироздан ўртачагача эсади.