Jahon

Германия марихуана етиштириш ва ундан фойдаланишни қисман қонунийлаштирмоқчи

Германия марихуана етиштириш ва ундан фойдаланишни қисман қонунийлаштирмоқчи

«Германия ҳукумати марихуана етиштириш ва ундан фойдаланишни қисман қонунийлаштириш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилди», деди соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах.

«Вазирлар маҳкамаси марихуанага оид қонун лойиҳаси бўйича қарор қабул қилди. Мен бунга эришилганидан хурсандман. Бу муҳим қонун лойиҳаси. Бу Германиянинг гиёҳвандлик сиёсатида бурилиш нуқтаси», – деди у. Вазирнинг сўзларига кўра, бу ташаббус қатор муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Улар орасида марихуана истеъмоли кўпайгани, бу борадаги жиноятлар сонининг кўпайиши ҳам бор. Лаутербахга кўра, қонунийлаштириш истеъмолчиларни қора бозордан ҳимоя қилиши керак.

Шу билан бирга, вазир “ҳеч ким қонунни нотўғри тушунмаслиги керак”, деб таъкидлади.

«Марихуанадан фойдаланиш қонунийлаштирилади. Лекин уни истеъмол қилиш ҳали ҳам хавфли», – деди Германия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари. Унинг қўшимча қилишича, ёзги таътилдан кейин Бундестаг ва Бундесрат лойиҳани муҳокама қилади. Шу билан бирга, Лаутербах қонун йил охиригача кучга киришига умид билдирди.

Қонун лойиҳасига кўра, 18 ёшга тўлган истеъмолчилар оғирлиги 25 граммгача бўлган ва учта ўсимликгача бўлган гиёҳвандлик моддасини сақлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилмайди.