Jahon

Киевдан Москвага «ҳаво сюрпризлари» давом этади: шаҳар яна дрон ҳужумига учради

Киевдан Москвага «ҳаво сюрпризлари» давом этади: шаҳар яна дрон ҳужумига учради

Киевнинг Москвага ҳаво «сюрприз»лари давом этади. 22 августдан 23 августга ўтар кечаси Россия пойтахтининг размларидан бирига айланган – Москва сити мажмуаси яна дрон ҳужумига учради.

Маълумотларга кўра, бу гал дрон ҳали қурилиши битмаган бинога келиб урилган. Москва мери Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, бинога қўшни икки 5 қаватли уйнинг ойналари синиб кетган.

Ушбу ҳужум оқибатида бирор киши ҳалок бўлмагани айтилмоқда. Етказилган зарар миқдори ҳам ҳисоблаб чиқиляпти.

Россия Мудофаа органлари хабарига кўра, яна 2 дрон Москвага яқинлашаётганда вилоятнинг Можайск ва Химки туманларида уриб туширилган. Мамлакат расмийлари буни Киев бўйнига юклади ҳамда воқеа теракт сифатида баҳоланди. Ушбу дрон ҳужуми туфайли ҳам Москва ҳаво узелининг аэропортлари рейсларни қабул қилиш ҳамда жўнатишни вақтинча тўхтатди. Иккита самолёт муқобил аэродромларга йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги 1 ҳафта ичида Москвага дрон ҳужуми сезиларли равишда кўпайди. 21 август куни ҳам дрон ҳужуми оқибатида Москва осмони бутунлай ёпилганди.

Москва Сити ва Президент қароргоҳи Киев дронлари учун асосий йўналишга айланган. Аксарият ҳужумлар Москва ситига бўлмоқда. Мажмуа пойтахт марказида жойлашган.