Jahon

Мексикадаги автоҳалокатда 16 киши ҳалок бўлди, 36 киши жароҳатланди

Мексикадаги автоҳалокатда 16 киши ҳалок бўлди, 36 киши жароҳатланди

22 август куни Мексиканинг марказий қисмидаги Куакнопалан-Оахака трассасида йўловчи автобуси ва юк машинасининг тўқнашуви оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, 36 киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда CNN.

Оахака прокуратураси баёнотида айтилишича, маҳаллий аҳоли ва муҳожирларни олиб кетаётган автобус Оахака ва Пуэбла штатлари чегарасига яқин шосседа тиркамаси бор юк машинаси билан тўқнашиб кетган.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида камида саккиз эркак ва саккиз аёл, жумладан бир нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган. Жабрланганлар тиббий ёрдам кўрсатиш учун Пуэбла штати касалхоналарига етказилган.

Ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум, бироқ прокуратура ҳодиса ҳолатларига ойдинлик киритиш учун экспертиза ўтказишини маълум қилди.

Оахака штати губернатори Саломон Хара Крус Х (Twitter) ижтимоий тармоғида тегишли идораларга «ҳамкорлик қилиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш» ҳақида кўрсатма берганини ёзди. «Биз қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз ва уларга барча ёрдамимизни берамиз», – деб ёзди у.

Пуэбла штати Ички ишлар вазирлигии жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун федерал ҳукумат идоралари ва маҳаллий ҳукуматлар билан доимий алоқада эканлигини маълум қилди.