O‘zbekiston

«Давлат телевидениесида маддоҳликдан йироқ, «заказ» билан ишламайдиган танқидий рухдаги кўрсатувлар қолмади», — Расул Кушербаев

«Давлат телевидениесида маддоҳликдан йироқ, «заказ» билан ишламайдиган танқидий рухдаги кўрсатувлар қолмади», — Расул Кушербаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Маҳалла» телерадиоканалининг «Минбар» кўрсатуви расман тугатилди.

«Салкам 3 йил давомида долзарб мавзуларни кўтариб чиққан ва мунтазам муҳокамалар марказида турадиган «Минбар» кўрсатуви тугатилди! Эндиликда янгича форматда, янгича ёндашув асосида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз», — дея изоҳ қолдирган кўрсатувга масъул бош муҳаррир Лазиз Исмоилов.

«Минбар» кўрсатуви шу вақтгача жамиятдаги оғриқли муаммоларни баҳсли ва мунозарали тарзда оммага олиб чиқаётган танқидий ва таҳлилий кўрсатув бўлиб танилган эди.

Маддоҳликдан йироқ мутахассисларни «Минбар»га жалб этиш орқали бир қанча ҳаётий муаммолар ўз ечимини топиб улгурганини ҳам тан олиш керак.

Собиқ депутат Расул Кушербаев эса юқоридаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди: «Бир муддат аввал ушбу кўрсатувнинг «Опен бюджет» мавзусидаги танқидий сонидан сўнг ҳам уни ёпмоқчи бўлишганди. Бироқ жамоатчиликнинг эътирозлари сабаб кўрсатув сақлаб қолинган.

Афсуски бу узоқ давом этмади.

Бундан чиқди энди давлат телевидениесида маддоҳликдан йироқ, «заказ» билан ишламайдиган танқидий рухдаги кўрсатувлар қолмади, деса ҳам бўлаверади: ҳамма ёқ гўзал, мусаффо.

Қизиқ: бюджет ҳисобидан яшаётган телевидениени «каттакон»лари билишармикан, уларнинг ҳохишига кўра сарфланаётган ресурслар ҳисобига қанча ўзбекистонлик давлат каналларини реал кузатмоқда?

Шахсан мен кузатмай қўйганман», дейилади муносабатда.