Hodisa, Jahon

Руминияда газ қуйиш станциясида содир бўлган портлашда 50 дан ортиқ киши жароҳат олди

Руминияда газ қуйиш станциясида содир бўлган портлашда 50 дан ортиқ киши жароҳат олди

Руминиянинг Креведа шаҳридаги суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида кетма-кет икки марта содир бўлган портлашлар оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда ТАСС.

Биринчи портлаш соат 19:00 да содир бўлган, кейин ёнғин натижасида иккита цистерна ва яқин атрофдаги уй ёниб кетган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Александр Рафильнинг сўзларига кўра, портлаш вақтида 7 киши куйган.

Ушбу воқеадан тахминан икки соат ўтгач, яна бир портлаш содир бўлди ва 26 ўт ўчирувчи жароҳат олди, деб ёзди ИИВ фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Раед Рафат.

Шунингдек, у портлашлар ҳали ҳам содир бўлиши мумкинлигини айтди.

Кейинроқ Digi24 телеканали жароҳатланганлар сони 55 нафарга етгани ҳақида хабар берди. Улардан 8 нафарининг аҳволи оғир. Яраланганлар орасида воқеа жойида ишлаган 39 нафар ўт ўчирувчи ва 4 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳам бор. Камида 3 та портлаш содир бўлгани айтилмоқда.

Расмийлар 300 метр масофадаги аҳолини эвакуация қилган ва қалин тутун Бухарест томон тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирган. Шаҳар чеккасида ҳавонинг ифлосланиши кузатилди. Аҳолига деразаларни ёпиш тавсия қилинди. Воқеа содир бўлган ҳудудда транспорт ҳаракати тўхтатилган, айни пайтда у ерда ўнлаб ўт ўчирувчи ва тез ёрдам машиналари ишламоқда.

Кейинроқ Agerpres агентлиги мамлакат фавқулодда вазиятлар департаментига таяниб, портлашдан кейин содир бўлган ёнғин ўчирилгани, 700 метр узоқликда яшовчи аҳоли эвакуация қилингани ҳақида хабар берди.