Ижтимоий тармоқларда “2023 йил 24 июль куни тузилган шартномага асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ якка тартибдаги тадбиркор “Қаюмов Абдулазиз Абдували ўғли”дан 15 миллион 200 минг сўмга бир дона ёнғоқдан ишланган шахмат тахтаси харид қилган” мазмунидаги хабарлар тарқалди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ушбу хабар бўйича расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда таъкидлаб ўтилган буюмлар тегишли баённома асосида харид қилинган. Бу бевосита миллий ҳунармандликни қўллаб-қувватлаш билан ҳам боғлиқ.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмат раҳбари Фахриддин Нуралиевнинг маълум қилишича, ушбу буюмларнинг хорижлик нуфузли меҳмонларга эсдалик сифатида тақдим этилиши халқимизнинг меҳмондўстлиги билан ҳам боғлиқ, қолаверса, бу айнан улар томонидан Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган илтифотга жавоб ҳамдир.
– “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан хорижий экспертлар иштирокида қатор халқаро илмий – техник анжуманлар, нуфузли меҳмонлар ташрифи доирасида тегишли баённома асосида тадбирлар ўтказилиб, мазкур тадбирлар қатнашчилари, нуфузли меҳмон ва хориж экспертларига тарқатма материаллар ва эсдалик совғалари тақдим этилиши белгиланган, – деди Ф. Нуралиев. – Келтириб ўтилган буюмлар “E-xarid” махсус электрон портали орқали сотиб олиниб, энергетика тармоғига оид халқаро шартномаларни имзолаш тадбирларида нуфузли меҳмонларга совға сифатида топширилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!