Jahon, O‘zbekiston, Siyosat

Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан президентга нуфузли элчилардан табриклар келмоқда

Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан президентга нуфузли элчилардан табриклар келмоқда

Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан президентга нуфузли элчилар, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Миср ва бошқа йирик давлатлар расмийларидан табриклар келмоқда.

Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этган Хитой элчиси Юй Цзюнь «Дунё» АА учун интервьюсида халқимизни ушбу қутлуғ айём билан чин дилдан табриклади.

– Ўзбекистон халқини мамлакатингиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман. Мен юртингизга яқинда келганман ва илк бор Мустақиллик байрамида иштирок этяпман.

Ўзбекистон ўзининг меҳмондўстлиги, гўзаллиги билан мени ўзига  ром этди. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар давлат раҳбарлари – Хитой Раиси Си Цзинпиннинг ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шахсий ҳиссаси туфайли жадал ривожланаётганини мамнуният билан қайд этиш жоиз.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси кўплаб яқинлашув нуқталарига эга. Улар доирасида янги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда хитойлик тадбиркорлар ва сармоядорлар фаол ишлаяпти. Улар ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва  ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга ҳисса қўшмоқда.

Бизнинг биргаликдаги ишларимиз сезиларли натижалар беришига мен  ишонаман. Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси мамлакатларимиз ўртасидаги яқин алоқалар ва ҳамкорлик учун кўприк бўлиб хизмат қилишга  барча саъй-ҳаракатларни сафарбар қилишга тайёр.

Ўзбекистонга равнақ ва қудрат, халқингизга эса бахт ва фаровонлик тилайман!

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган байрам маросимида иштирок этган Тожикистон элчиси Абдужаббор Рахмонзода «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида халқимизга байрам тилакларини йўллади:

– Қардош ўзбек халқини Ўзбекистон Мустақиллиги куни билан чин қалбимдан табриклайман.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг доно сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатингиз мисли кўрилмаган тараққиётга эришиб, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритди.

Биз ушбу ўзгаришлар ва давлат тараққиётининг барча жабҳаларида очилаётган имкониятларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Давлат ривожининг янада муҳим омилига айланиб бораётган маҳалла сингари фуқаролик жамиятининг муҳим институти қўллаб-қувватланаётгани бизда катта таассурот қолдирмоқда.

Ушбу байрам кунида қардош Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, фаровонлик тилашдан  бағоят  хурсандман.

Ўзбекистон  элчиси Мансурбек Қиличев Миср Президенти протокол хизмати раҳбари ўринбосари Абдулазиз Шариф билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот аввалида Абдулазиз Шариф мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси  номидан Ўзбекистон раҳбарияти ва  халқини  табриклади.

«Миср раҳбари биродар мамлакатлар миллий байрамларига катта эътибор билан қарайди ва улар билан ҳамкорлик қилишга устувор аҳамият беради. Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси  Президент Шавкат Мирзиёев билан жорий йил февраль ойидаги учрашувини илиқ ёд олади», – деди Миср Президенти протокол хизмати раҳбари ўринбосари.

Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этган Ватиканнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили, епископ Ежи Мацулевич халқимизга ўзининг байрам тилакларини йўллади.

– Мен Ўзбекистонда 18 йилдан бери ишлаб келаяпман ва ўтган йиллар давомида мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли юртингиз қанчалик ўзгарганига  шоҳидман.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга тобора кўпайиб бормоқда. Уларнинг барчаси мамлакатингиз, унинг тарихи, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва бошқа шаҳарларнинг бой меросидан ҳайратда  қолмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон шаҳарлари ўзининг маданий жозибасини сақлаб қолган ҳолда, замонавий қиёфа касб этаётгани, бой мероси асосида барпо этилаётгани ва тараққий этаётгани ҳам қувонарлидир.

Албатта, ҳали қилинадиган жуда ишлар кўп, давлатни янада демократлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш бўйича улкан марралар  олинган.

Ушбу қутлуғ айём арафасида Ўзбекистонга, бутун ўзбек халқига ўз олдига қўйган мақсадларига эришишда муваффақиятлар, ҳар бир ўзбек оиласига, ҳар бир юрт фуқаросига тинчлик ва фаровонлик, бахт ҳамда омад тилайман!