Yangiliklar

Экспертлар Хитой давлат қарзининг рекорд даражада ўсишини башорат қилмоқда

Экспертлар Хитой давлат қарзининг рекорд даражада ўсишини башорат қилмоқда

Хитойнинг давлат қарзи 2027 йилга бориб ЯИМнинг 100 фоизидан ошади. Бу ҳақда Европанинг Scope Ratings рейтинг агентлиги ҳисоботида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2010 йилда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг атиги 34 фоизини ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб у 60 фоизга ошган. Таъкидланишича, коронавирус пандемияси даврида моддий рағбатлантиришлар фонида бу кўрсаткичлар аллақачон 77 фоизни ташкил қилган. Мутахассислар ислоҳотлар суръати секинлашганини ҳисобга олиб, бир неча йилдан сўнг давлат қарзи рекорд даражадаги 100 фоизга етишини мантиқий деб ҳисоблади.

Агентлик мутахассислари демографик муаммолар ва кўчмас мулк соҳасидаги кескин вазият шароитида Хитой расмийлари томонидан нотўғри молиявий сиёсатни танлаш хавфи юқорилигини ҳисобга олиб, буни башорат қилмоқда.

28 август куни Moody’s Investors Service рейтинг агентлиги Хитой бўйича янги макроиқтисодий шарҳида Хитой иқтисодиёти олдида турган қатор таркибий муаммоларга эътибор қаратди. Ҳисоботда таъкидланишича, демографик қариш ва ишчи кучи ўсишининг секинлашиши меҳнат унумдорлигининг ошишига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, давлат қарзининг юқори даражаси энди анъанавий тармоқларнинг бир хил ўсиш суръатларига имкон бермайди.