Jahon

Парижда 1 сентябрдан бошлаб электр самокатлардан фойдаланиш тақиқланади

Парижда 1 сентябрдан бошлаб электр самокатлардан фойдаланиш тақиқланади

1 сентябрдан Париж кўчаларида ижарага бериладиган электр самокатлардан фойдаланиш тақиқланади, деб хабар бермоқда Euronews.

Франция пойтахти ҳукумати апрель ойидаги овоз бериш натижаларига кўра шундай қарорга келган. 1 сентябрдан бошлаб хусусий компаниялар томонидан ижарага тақдим этилаётган электр самокатларлари Париж кўчаларидан олиб ташланади.

Бу қарор апрель ойида Франция пойтахтида ўтказилган референдумдан сўнг қабул қилинган.

Кейин шаҳар аҳолисининг 90 фоизи электр самокатларни тақиқлашни ёқлаб овоз берди.

Париж кўчаларида 15 мингга яқин электр самокатлари ижарага берилган. Август ойида уларнинг сони камайишни бошлади.

«Биз ўтган якшанба куни электр самокатларимизни олиб ташлашни бошладик. Уларнинг сони 5000 га яқин эди. Аммо бизда бир неча минг велосипед қолди. Кечки соат ўндан эрталабки олтигача кунига 400 дан 500 тагача самокат олиб кетяпмиз. Биз бунинг учун махсус ходимлар ажратганмиз», – деди Франциядаги Tier бўлими раҳбари Клеман Петте.

Париж Европада биринчи бўлиб бундай қаттиқ чораларни қўллаган.

Франция пойтахти аҳолиси электр самокатдаги одамлар пиёдаларга халақит бериб, бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётганидан бир неча бор шикоят қилишган.

2022 йилда улар оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида 456 киши жабрланган, 3 нафари ҳалок бўлган.