Хитой шарқидаги Гуандун провинциясининг Чжухай шаҳри туманига «Саола» тўфони етиб келди. Бу жорий йилда мамлакатда содир бўлган тўққизинчи тўфондир, деб хабар бермоқда «Синьхуа» агентлиги.
Метеорологларнинг маълумотларига кўра, Чжухай шаҳрининг Цзиньвань тумани қирғоқбўйи зонасига тўфон эпицентри яқинида максимал шамол тезлиги 42-46 м/с га етган. «Саола» қирғоқ бўйлаб жануби-ғарбий йўналишда соатига 15-20 км тезликда ҳаракатланиши ва аста-секин секинлашиши кутилмоқда.
Гуандун провинциясининг 780 мингга яқин аҳолиси хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинди, 80 мингдан ортиқ балиқ овлаш кемалари қирғоққа қайтди. Бундан ташқари, 13 та шаҳардаги бошланғич ва ўрта мактабларда ўқув йилининг бошланиши қолдирилди, боғчалар иши ҳам тўхтатилди.
Аввал хабар қилинганидек, Хитой Миллий обсерваторияси «Саола» тўфони учун хавфли қизил даражани эълон қилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!