O‘zbekiston

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг вафот этгани расман тасдиқланди

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг вафот этгани расман тасдиқланди

Санъат дарғаси, миллионлаб ихлосмандлар қалбини забт этган буюк хофиз, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев узоқ давом этган ҳасталикдан сўнг 77 ёшида вафот этди.

Шерали Жўраев 1947 йилда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган. 1971 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтининг Актёрлик санъати йўналишини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1972 йилда “Шодлик” ашула ва рақс ансамблида хонанда сифатида бошлаган. Шунингдек, 1979-1986 йилларда Андижон вилояти филармонияси хонандаси, 1986-1996 йилларда Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси, 1996-2017 йилларда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандаси, 2017 йилда шу кунга қадар “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси сифатида самарали ижод қилиб келаётганди.

Буюк хофиз ўз ижодий фаолияти давомида юзлаб ўлмас қўшиқлар яратди, Шерали Жўраев ижод мактабига асос солди, юзлаб шогирдлар чиқарди.

Хофизнинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 1981 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан, 1987 йилда “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони билан, 1991 йилда А.Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан, 2018 йилда “Тожикистон халқ артисти” фахрий унвони билан, 2010 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени ва 2022 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

Demokrat.uz устоз санъаткор Шерали Жўраевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва мухлисларига чуқур таъзия изҳор қилади.