Jahon, Siyosat

Ким Чен Ин Путин билан учрашмоқчи: Россия Шимолий Кореядан қурол-яроғ олиши мумкин

Ким Чен Ин Путин билан учрашмоқчи: Россия Шимолий Кореядан қурол-яроғ олиши мумкин

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шу ой яъни, сентябрда Россияга ташриф буюриб, Владимир Путин билан музокаралар ўтказишни мўлжаллаган. Буни АҚШ расмийларига таяниб, New York Тimes маълум қилди.

Гап шундаки, Шимолий Корея ва Россия раҳбарлари 10—13 сентябрь кунлари Владивостокдаги Узоқ Шарқ федерал университети кампусида бўлиб ўтадиган Шарқий иқтисодий форумда иштирок этишади.

Ким Чен Ин Пхеняндан Россияга ўзининг зирҳли поездида келиши кутилмоқда. Манбалар Шимолий Корея етакчиси Москвага ҳам ташриф буюриши мумкинлигини рад этмаяпти.

Путин ва Кимлар Пхеньяндан артиллерия снарядлари ва танкка қарши ракеталарни етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилади. Ўз навбатида, Ким Чен Ин Россия Шимолий Кореяни озиқ-овқат ҳамда сунъий йўлдошлар, ядровий сувости кемалари учун илғор технологиялар билан таъминлашига умид қилмоқда. Буни АҚШ расмийлари тахмин қилган.

Америка разведкаси бугунга қадар Россия ва Шимолий Корея Украинадаги урушда рус ҳарбийлари қўллайдиган қурол-яроғларни етказиб бериш бўйича фаол музокаралар олиб бораётгани ҳақида бир неча бор хабар берганди. Масалан, шу йилнинг июл ойида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шимолий Кореяга расмий ташриф билан борди. АҚШ разведкаси ушбу сафарни музокараларга тайёргарлик сифатида баҳолаганди.