Jinoyat, O‘zbekiston, Tahlil

Ўтган 7 ойда Тошкент шаҳрида 71 киши ЙТҲ натижасида вафот этган

Ўтган 7 ойда Тошкент шаҳрида 71 киши ЙТҲ натижасида вафот этган

Куни кеча Олий Мажлис Сенати ўзининг расмий сайтида йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган мақолани эълон қилди.

Сенатнинг ИИБ маълумотларига таяниб ёзишича, жорий йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистонда 1 115 киши автоҳалокат натижасида вафот этган, шунингдек, 4 564 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Маълум бўлишича, ҳалок бўлганларнинг 1 078 нафари, яъни 96.7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати статистик маълумотларига кўра, ЙТҲ турлари бўйича сабаблар этиб пиёдаларни уриб юбориш, автомашиналар тўқнашуви ва бошқалар келтирилган.

Биргина Тошкент шаҳар ИИБ маълумотларида айтилишича, жорий йилнинг ўтган етти ойида пойтахтда 675 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ҳодиса оқибатида 71 киши ҳалок бўлган, 787 киши турли тан жароҳатлари олган. Бахтсиз ҳодисаларнинг энг кенг тарқалган сабаби тезликни ошириш бўлган — 199 та ҳолат. Ҳайдовчилар томонидан 90 та ҳолатда тақиқловчи светофор ишорасига эътибор бермаслик, маст ҳолатда ҳайдовчилар иштирокида 8 та ЙТҲ содир этилган.