Ilm-fan, Iqtisod, O‘zbekiston

Халқаро фан олимпиадалари совриндорларига жами 2 млрд 686 млн сўм миқдорида пул мукофоти берилди

Халқаро фан олимпиадалари совриндорларига жами 2 млрд 686 млн сўм миқдорида пул мукофоти берилди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хабар беришича, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабда 2022-2023 ўқув йили давомида нуфузли ва минтақавий халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросими ўтказилган.

Вазирликнинг эслатишича, жорий ўқув йилида Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Швецария, Венгрия давлатларида бўлиб ўтган нуфузли халқаро олимпиадаларда 2 та олтин, 1 та кумуш ва 10 та бронза, жами 13 та медаль қўлга киритилган.

Бундан ташқари, ўқувчилар йил давомида турли минтақавий халқаро олимпиадаларда, жумладан, Халқаро Жаутиков олимпиадаси, Кавказ математика олимпиадаси, Осиё-Тинч океани минтақаси информатика олимпиадаси, Менделеев олимпиадаси ҳамда жорий йилда Хива шаҳрида бўлиб ўтган Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадасида ҳам қатнашиб, 6 та олтин, 23 та кумуш ва 23 та бронза, жами 52 та медални қўлга киритган.

Вазирлик, шунингдек, нуфузли халқаро олимпиадалар ғолибларига жами 1 млрд 89 млн сўм, ўқитувчиларига эса 875 млн сўм, бундан ташқари, минтақавий халқаро олимпиадалар ғолибларига 130 млн сўм, ўқитувчиларига эса 593 млн сўм, яъни барча совриндорлар ва уларнинг ўқитувчиларига 2 млрд 686 млн сўм миқдорида пул мукофотлари топширилганини қўшимча қилган.

Маълумот учун, президентнинг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМларга имтиёз билан грант асосида ўқишга қабул қилиниб, кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритадиган тақдирда лавозим маошига 150 фоиз ҳар ойлик устама олади.