15 сентябрдан 15 октябргача Тошкентдаги марказий (Шимолий) темирйўл вокзалидан ҳаракатланадиган аксарият поездлар қатнови «Тошкент-Жанубий» вокзалидан амалга оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бу вақт мобайнида «Тўқимачи» ҳамда «Тошкент-йўловчи» темирйўл бекатлари оралиғидаги йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob электропоездлари, «Шарқ» (Тошкент — Бухоро — Тошкент), «Насаф» (Тошкент — Қарши — Тошкент), «Ўзбекистон» (Тошкент — Андижон — Тошкент) ҳамда халқаро йўналишлардаги Тошкент — Волгоград — Тошкент, Душанбе — Тошкент — Душанбе йўловчи поездлари «Тошкент-Жанубий» темирйўл вокзал ҳудудидан рейсларини амалга оширади.
Олмаота — Тошкент — Олмаота, Тошкент — Новосибирск — Тошкент, Тошкент — Самара — Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда Тошкент — Хожикент — Тошкент шаҳарлараро поездлари қатнови бундан мустасно, улар Шимолий вокзалдан қатновни давом эттираверади.
Ҳар икки вокзалдаги барча чиптахоналар узлуксиз ишлайди. Бундан ташқари, чипталарни электрон тарзда ҳам харид қилиш мумкин. «Тошкент-Жанубий» темирйўл вокзалдаги кутиш заллари, вокзалга киришда 3 та бир босқичли назорат ўтиш пункти доимий равишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Шунингдек, бир ой мобайнида «Тошкент-Марказий» вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган ёки адашиб «Тошкент-Шимолий» вокзалига келиб қолган йўловчиларни «Тошкент-Жанубий» вокзалига олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар қатнайди.
Реконструкция ишларидан сўнг мазкур ҳудуддаги темирйўлда поездлар ўтказувчанлиги янада ортади ва юк поездларининг тўхтовсиз ҳаракатланишига имконият яратилади, дейилади хабарда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!