Спорт мактаблари ўқувчи-спортчиларининг овқатланишига қўйиладиган гигиеник талаблар Адлия вазирлигида ҳисобга олинди.
Гигиеник талабларга кўра, ўқувчи-спортчилар учун озиқ-овқат рациони қуйидаги асосий гигиеник талабларга жавоб бериши керак:
— рационнинг кунлик калория миқдори спортчининг энергия сарфларига мос келиши;
— рационнинг кимёвий таркиби, калория миқдори ва ҳажми спорт турини ҳамда тайёргарлик даврини ҳисобга олган ҳолда ўқувчи-спортчи организмининг эҳтиёжлари ва хусусиятларига мос келиши;
— озиқ-овқат таркибидаги оқсиллар, ёғлар ва углеводлар баланслашган бўлиши, уларнинг миқдори спорт турини ва машғулот жараёнининг интенсивлигини ҳисобга олган нисбатларда бўлиши;
— кундалик рационда ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларининг кенг ассортименти бўлиши;
— озиқ-овқат зарарсиз (заҳарли моддалар ва патоген бактерияларни ўз ичига олмаган ҳолда) бўлиши.
Шунингдек, ушбу Гигиеник талаблар билан спорт турлари билан шуғулланувчи ўқувчи-спортчилар учун кунлик талаб этиладиган калория ва асосий озуқавий моддалар (оқсил, ёғ ва углеводлар), кунлик витамин ва минерал моддалар миқдорлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Гигиеник талабларда ўқувчи-спортчилар учун рационни тузишда маҳсулотларга ишлов бериш усули, ошқозонда озуқавий моддаларни ҳазм қилиш вақти, уларнинг ичакларда ҳаракатланиш тезлиги ва маҳсулотларнинг организмда сўрилиши ҳисобга олиниши шартлиги назарда тутилмоқда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!