O‘zbekiston

Судда “Док-1 Макс” дори воситаси таркибида заҳарли моддалар аниқлангани айтилди

Судда “Док-1 Макс” дори воситаси таркибида заҳарли моддалар аниқлангани айтилди

Хабарингиз бор, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” дори воситасини қабул қилган 65 нафар бола вафот этган эди. Тошкентда ушбу жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда.

Мазкур очиқ суд мажлисига Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислик қилмоқда.

Олдинги суд мажлислари давомида бири неча нафар жабрланувчи билан суҳбатлашган эдик. Улар фарзандлари шамоллаб қолганида “Док-1 Макс” сиропини ичиргани, шундан кейин болаларнинг аҳволи оғирлашгани ҳақида сўзлаб берган эди.

Кўп ҳолларда болаларнинг буйраклари ишдан чиқиши оқибатида улар вафот этган. Айрим ҳоллардагина болалар тирик қолган, бироқ марказий асаб тизими қаттиқ шикастланиши оқибатида улар ногирон бўлиб қолган.

Бугун бўлиб ўтган саккизинчи суд мажлисида жабрланувчилар билан суҳбатлаша олмадик. Чунки судда улардан ҳеч бири негадир иштирок этмади.

Суд мажлисида “Док-1 Макс” дори воситаси лаборатория текширувидан ўтказилган эдими, нима учун дастлабки босқичда унда мавжуд бўлган зарарли моддалар аниқланмагани ва сотувга чиқарилгани ҳақидаги саволлар берилди.

Судланувчилардан бири “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Док-1 Макс” дори воситаси Ўзбекистонга 11 йил давомида олиб келингани ва дорихоналарда сотилганини айтди.

Дорининг таъсири яхши бўлгани учун кўпчилик ота-оналар зарур бўлганда фарзандларига айнан мазкур дорини олиб ичирган. Лекин 2021, 2022 йилларда мамлакатимизга олиб кирилган мазкур дори воситасида инсон саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин бўлган заҳарли моддалар – этиленгликоль ва диэтиленгликоль мавжудлиги аниқланган.

Фақат бу “Док-1 Макс” туфайли болалар ҳаётдан кўз юмганидан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сўрови асосида ўтказилган лаборатория текширувларидан кейин маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур суд жараёнида болалар ўлимига сабаб бўлган дори воситаларини мамлакатимизга олиб кирган, унинг таркибини текширишга масъул бўлган ва тарқатган ходимлардан иборат 21 нафар айбланувчи суд олдида жавоб бермоқда.

Суд тергови ҳали давом этмоқда. Бу жараёнда судья, прокурор ва адвокатлар томонидан берилаётган саволларга айбланувчилар томонидан қайтарилаётган жавоблар, билдирилаётган фикрларга суд якуни бўйича судья қонуний баҳо беради.