Куни кеча ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимлари бир аёлни куч ишлатган ҳолда автомобилга ўтиришга мажбурлаётгани акс этган видео тарқалди. Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 18 сентябрь куни Пост-патруль хизмати ходимлари Фарғона шаҳар И.Каримов ҳамда Қувасой кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган вақтда, видеотасвирдаги аёл тиланчилик билан шуғулланаётганлиги учун у билан профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида аёлдан йўлнинг қатнов қисмидан четга чиқиши сўралган. Бундан аёлнинг жаҳли чиқиб, ходимларга фаол қаршилик кўрсатган. Аёлни ИИБ га олиб кетмоқчи бўлишганда қўлидаги ёш боласини ерга ташлаб юбормоқчи бўлган пайт ходимлар томонидан ушлаб қолинган.
«Аммо ходимнинг кейинги ҳатти-ҳаракатлари жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида хизмат текшируви ўтказилиб, касб одоби ва этикасига амал қилмай, ноўрин ҳаракатлар содир қилган ППХ ходими эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди», — дейилади баёнотда.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!