Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташриф дастурига мувофиқ 19 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммитида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашдилар.
Учрашув кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш истиқболлари, “яшил” тараққиёт, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Саммитда саккиз йил муқаддам Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “С5+1” формати Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот, барча соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айлангани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё минтақасида дўстлик, ўзаро англашув ва шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, бу кенг ҳамкорлик учун янги ва ноёб имкониятлар яратаётганини юксак баҳолади.
Савдо-инвестициявий фаолиятни кучайтириш, лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш, Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш каби бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Учрашув якунида минтақа мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!