Jahon

Амударё суви муаммосини муҳокама қилишга тайёр — “Толибон”

Амударё суви муаммосини муҳокама қилишга тайёр — “Толибон”

“Толибон” Афғонистоннинг Амударё суви бўйича қўшнилар билан ҳеч қандай келишуви йўқлиги, Афғонистон сув ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини айтди. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракатининг Сув ва энергетика вазирлиги Абдул Латиф Мансур ТОLOnews нашрига хабар берди дея ёзмоқда «Daryo» манбаси.

Абдул Латифнинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати қўшни давлатлар хавотирларини бартараф этиш учун Амударё суви муаммосини муҳокама қилишга тайёр.

“Хавотир билдираётганлар келишув асосида шундай қилиши керак, лекин Афғонистоннинг ҳеч ким билан сувга оид ҳеч қандай келишуви йўқ, бу соҳада ҳеч қандай келишув ёки шартнома бўлмаган. Агар келишув бузилса, биз хавотир билдирамиз. Ҳозирги вазиятда Амударё ҳавзасида ҳеч ким билан келишувга эга эмасмиз”, — деди Мансур.

Афғонистонда бир қанча иқтисодчилар ва сув хўжалиги мутахассислари ҳозирги қурғоқчилик инқирози туфайли мамлакатнинг турли қисмларида сув тўғонлари қуриш ва сув ресурсларидан фойдаланиш зарурлигини айтган.

“Афғонистон Амударё сувидан фойдаланишга мутлақо ҳақли. Бу ҳуқуқ Афғонистонга халқаро конвенциялар билан берилган ва Афғонистон Амударё сувининг 27-30 фоизига эгалик қилади”, — деган сув хўжалиги бўйича мутахассис Нажибулла Садид.

“Ҳудудда сув билан боғлиқ низолар бўлиши мумкинлигини кутгандик. Чунки биз минтақадаги сув манбаи бўлиб, бу сувни истеъмол қилмасак ҳам, у бошқа давлатлар томонидан сув ресурси сифатида қаралмоқда”, — деди Мансур.