Jahon, Siyosat

 “C5+1”: АҚШнинг Марказий Осиёдаги роли кучаймоқдами?

 “C5+1”: АҚШнинг Марказий Осиёдаги роли кучаймоқдами?

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев  АҚШга  ташрифи доирасида Нью-Йорк шаҳрида Марказий Осиё – АҚШ саммитида қатнашди. Бу тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, саммит биринчи марта давлат раҳбарлари даражасида ўтказилди.

“C5+1” ўзи қандай формат?

“C5+1” 2015 йилдан бери 5 Марказий Осиё давлатлари (Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ташқи ишлари вазирлари ва Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби (ташқи ишлар органи) билан биргаликда Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун ўтказиб келинаётган сиёсий-дипломатик тадбир эди.

Бу учрашувларда асосан ҳудуддаги иқтисодий, хавфсизлик ва терроризм масалалари муҳокама қилиниб, ҳамкорлик учун йўналишлар кўриб чиқилган.

Бу галги саммит нимаси билан фарқ қилади?

Бу йилги саммитда бевосита президентларнинг иштирок этиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.  “Американинг Марказий Осиёда рўли кучаядими?” деган саволлар фаол берилди.

Агар қисқа қилиб жавоб берадиган бўлсак, – туб бурилиш қилингани йўқ. Ўтган 30 йил ичида бирор АҚШ Президенти Марказий Осиёга сафар қилмаган. Лекин минтақа геосиёсий ва иқтисодий жиҳатдан муҳим.

АҚШнинг 2022 йилги Миллий Хавфсизлик Стратегиясига назар ташлайдиган бўлсак,  Марказий Осиё сўзи фақатгина икки марта ишлатилган.  Америка 5 давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ҳамда мустақиллигини доим тан олишини билдирган. Минтақа билан алоқаларда “C5+1” муҳим аҳамият касб этиши айтилган.

Нега шу даврда Байден 5 Президент билан учрашди?

Биринчидан, давлат раҳбарларининг Америкада БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясига келганликлари президентлар учрашуви учун яхши шароит яратиб берди.

Иккинчидан, Россияга қўйилган санкциялар шароитида, ҳозирда Марказий Осиё Россиядан чиқиб кетган Ғарб давлатлари компаниялари учун альтернатив ҳудуд вазифасини ўташи мумкин. Бу ҳудудни жаҳон иқтисодиётига интеграция қилиш ва давлатларнинг Россияга нисбатан кайфиятини билиш учун бу учрашувни ўтказиш ўринли эди.

Ҳудудда ўз манфаатларига эга бошқа давлатлар томонидан ҳам жиддий реакциялар билдирилгани йўқ. Россия, Хитой ва Туркия каби ҳудудда ўз таъсири учун курашаётган давлатлар саммит аниқ амалий натижалар олиб келишига ва кескин ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳақида бирор фикр билдиргани йўқ.

Хулоса шуки, бу саммит минтақа раҳбарларини кўпроқ эшитиш, АҚШ улардан нима исташини билдириш учун муҳим майдон бўлди. АҚШ 5 давлатни яхлит кўриши, минтақа бирлиги томонида эканини билдирди. Шунингдек, Россиянинг таъсири катта экан, Вашингтон минтақа давлатларини ўз томонига олишни ҳам истамоқда.

Араббой АҲМАДУЛЛАЕВ,
сиёсатшунос