Швейцария жамоат жойларида юзни беркитувчи кийим кийишни тақиқловчи қонунни қабул қилди, деб хабар бермоқда Swissinfo.ch.
Мамлакат парламенти бурқага қарши деб аталмиш ташаббусни федерал даражада амалга ошириш, жумладан, қонунбузарлик содир этилган тақдирда 1000 Швейцария франки (1115 доллар)гача жарима солишни назарда тутувчи ҳукумат қонун лойиҳасини қабул қилди.
Сенат етакчилигидан сўнг чоршанба куни Палата қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат учун палатанинг 151 аъзоси овоз берди, 29 нафари қарши чиқди, олти нафари бетараф қолди.
2021 йил март ойида бурқа кийишни тақиқлаш бўйича баҳсли ташаббус 51,2 фоиз овоз билан маъқулланган эди. Аксарият партиялар бунга қарши чиқди, Швейцария Халқ партияси бундан мустасно.
Ҳукумат қонун лойиҳасига кўра, жамоат жойларида юзни яшириш тақиқланади. Кўзлар, бурун ва оғиз барча жамоат жойларида ёки жамоат учун очиқ бўлган бошқа жойларда кўринадиган бўлиши керак. Бундан ташқари, бир қатор истиснолар мавжуд. Самолётларда, консуллик ёки дипломатик биноларда, диний муассасаларда юзни яшириш мумкин бўлади.
Халқ партияси бутунлай тақиққа эришиш учун беҳуда ҳаракат қилди. Халқ партияси депутати Вальтер Вобманнинг айтишича, бу ташаббус нафақат бурқа кийишга, балки биноларни бузиб юрган ниқобли сиёсий намойишчиларга ёки безориларга қарши қаратилган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!