Американинг “Washington Post” газетасининг ёзишича, баъзи ғарб сиёсатчилари Украинада Россия билан уруш давом этаётган бўлса-да, уни навбатдаги президентлик сайловлари ўтказишга чақирмоқда.
Нашрнинг эслатишича, Киевга бундай мурожаатни биринчи бўлиб Нидерландия вакили бўлган Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси раҳбари Тини Кокс қилган. Худди шундай фикрни нуфузли америкалик республикачи сенатор Линдси Грем ҳам Киевга ташрифи чоғида билдирган эди.
Америка сиёсатининг консерватив қанотининг бошқа вакиллари ҳам Украинада сайлов ўтказишни таклиф қилишди, жумладан, бошловчи Такер Карлсон.
Украина конституциясига кўра, мамлакат ҳукумати вакиллари бир неча бор таъкидлаганидек, ҳарбий ҳолат даврида сайловлар ўтказилиши мумкин эмас. Украинада навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилнинг 31 мартидан кечиктирмай ўтказилиши керак, бироқ амалдаги қонунларга кўра, агар ўша вақтга қадар мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилинган бўлса, улар ўтказилмайди. Демак, овоз бериш учун мамлакат конституциясини ўзгартириш ёки ҳарбий ҳолатни вақтинча бекор қилиш керак.
Украина расмийлари, шунингдек, Washington Post газетасига интервю берган сайлов бўйича экспертлар уруш пайтида эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш деярли мумкин эмас деган фикрга қўшилади.
Газетанинг эслатишича, Украина ҳудудининг қарийб бешдан бир қисми Россия истилоси остида қолмоқда ва мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси уйларини тарк этишга ёки хорижга кетишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, фронтда ўн минглаб ҳарбий хизматчилар бор.
Нашр муаллифлари билан шахсий суҳбатларда Украина расмийлари бундай шароитда президентлик сайловларини ўтказиш деярли мумкин эмаслиги – Россия вазиятдан фойдаланиб, Украинани ичкаридан заифлаштириши мумкинлигини айтишди.
«Руслар буни ўзларининг махфий каналлари орқали тарғиб қилмоқдалар», деди исмини ошкор этмаган Украина расмийси газетага. «Уруш пайтида демократик сайловлар ўтказилиши мумкин бўлган вазият йўқ.» Унинг қўшимча қилишича, сайловлар “Украина давлатининг жуда заиф сиёсий кучини йўқ қилиши мумкин”.
Бироқ Украина расмийлари қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган Ғарб сиёсатчилари билан зиддиятга тушмаслик учун президентлик сайловларини ўтказиш ғоясини тўғридан-тўғри рад этмади, деб ёзади нашр.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!