O‘zbekiston

Чилонзорда дарахтлар полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилгани сабабли қуриб қолган

Чилонзорда дарахтлар полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилгани сабабли қуриб қолган

Ижтимоий тармоқларда Чилонзор тумани Лутфий кўчасида дарахтлар ёппасига кесилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, 28 туп шумтол ва 1 туп заранг дарахти Тошкент Ботаника боғи мутахассиси ҳамда туман Экология бўлими масъулларининг 2023 йил 14 сентябрдаги хулосасига асосан қуриганлиги сабабли кесилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур дарахтлар 2021 йилда полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилгани сабаб қуриб қолган. 2022 йилда ҳолат ўрганилиб, прокуратура органларига қуриганлик ҳолати бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган. Шу йилнинг август ойида ички ишлар органларига суриштирувга берилган. 2022 йилнинг сентябрь ойида эса ҳужжат тугатилган.

Жорий йилнинг май ойида ёғингарчилик ва шамол туфайли Лутфий кўчасидаги қуриган дарахтлардан бири қулаб тушган ва йўл ёпилиб, аҳолига ва йўловчиларга анча ноқулайлик келтириб чиқарган. Лутфий маҳалласи аҳолисидан эса қуриган ва йўловчилар ҳаёти учун хавфли бўлган дарахтларни кесиб олиб ташлаш ҳамда ўрнига бошқа ўсимликлар экиш бўйича мурожаатлар ҳам келиб тушган. Шуларни инобатга олган ҳолда дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, ростдан ҳам қуриб қолгани аниқланган 29 та дарахт кесилган.

Дарахтлар кесилган ҳудудда 30 та дарахт ҳамда 1020 та бута экилиши режалаштирилган.

Мазкур ҳолат бўйича бугунги кунда Бош прокуратура томонидан аввалги ҳолат ҳамда хулоса берилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.