Президент Шавкат Мирзиёев 26 сентябрь куни Хитойнинг етакчи “BYD” компанияси президенти ва асосчиси Ван Чуаньфу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Таъкидлаш жоизки, “BYD” компанияси замонавий электромобиллар ва янги авлод аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш соҳасида глобал етакчи ҳисобланади. Бир йилда 2 миллион дона машина ишлаб чиқарувчи ушбу концерн дунё автомобиль саноати ривожланишининг асосий тенденцияларини белгилаб бермоқда.
Учрашувда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари, хусусан, Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни тез фурсатда йўлга қўйиш ҳамда кейинги босқичларда унинг қувватини 300 минг донага етказиш масалалари кўриб чиқилди.
Маҳсулот таннархини камайтириш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига ҳамда автомобилларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мамлакатимизга “BYD” электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш режалари қўллаб-қувватланди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Нурланбек Шакиевни қабул қилди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Қирғизистон парламенти раиси давлат раҳбарига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда икки томонлама ҳамкорлик бугун юксак даражага чиққани ва сермаҳсул бўлаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, турли даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар олиб борилмоқда, товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми ортмоқда, кооперация лойиҳалари, шу жумладан қўшма жамғарма инвестицияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш, олий даражада эришилган келишувларни рўёбга чиқариш ва истиқболли лойиҳаларни илгари суриш, ҳудудлар ва ишбилармонлар даражасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мамлакатларимизда маданий-гуманитар тадбирларни ўтказишда яқин парламентлараро алоқаларни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Ихтисослаштирилган халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик ва ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш муҳим экани таъкидланди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!