O‘zbekiston

Президент: «Маҳалладаги вакилларнинг ярим вақти «қоғоз» тўлдириш ва мажлисга кетяпти»

Президент: «Маҳалладаги вакилларнинг ярим вақти «қоғоз» тўлдириш ва мажлисга кетяпти»

Йиғилишда “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари маҳалладаги масъуллар томонидан алоҳида-алоҳида юритилаётгани, уларнинг вазифаларида кўп такрорланишлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

“Бешлик” зиммасига жуда кўп вазифалар юклатилгани, мутасадди раҳбарлар эса буни таҳлил қилмаётгани, аниқ иш методикаси ишлаб чиқилмагани танқид қилинди.

“Маҳаллага топшириқ ҳам, улардан сўров ҳам ҳаддан ташқари кўп. Маҳалладаги вакилларнинг ярим вақти фақат “қоғоз” тўлдириш ва мажлисларга кетаяпти”, – деди давлат раҳбари.

Баъзи ҳолларда эҳтиёжманд аҳолининг масаласини тез ҳал қилиш учун берилган маблағларни ажратиш қарори вилоят ва туман ташкилоти, айримларида республика идорасига боғланиб қолгани таъкидланди.

Бу ортиқча бўғинларни олиб ташлаш зарурлиги қайд этилди.

Президент эндиликда маҳалла бошқаруви янги ёндашувлар асосида ташкил қилинишини таъкидлади.

Амалдаги “бешликка” солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” бўлади.

Жумладан, аҳолини 3 та дафтарга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар маҳалланинг ўзида, коллегиал ҳал қилинади.

Шунингдек, 3 та дафтарга бериладиган маблағлар Бандлик, Тадбиркорлик ва Касаначилик жамғармаларидан
ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилади.

Яъни, маблағни ишлатиш маҳалланинг ўзига, “еттилик” ихтиёрига берилади.

“Бу – маҳаллага ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани”, – деди Президент.