Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Сергелидаги портлаш оқибатида жабрланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
Саида Мирзиёева, шунингдек, бугун беминнат ёрдам қўлини чўзаётган барчага, биринчи навбатда, тегишли идоралар билан биргаликда озиқ-овқат, бошпана ва психологик ёрдам кўрсатган пойтахт аҳолисига миннатдорлик билдирди.
“Бугун беминнат ёрдам қўлини чўзаётган барчага, биринчи навбатда, тегишли идоралар билан биргаликда озиқ-овқат, бошпана ва психологик ёрдам кўрсатган пойтахтимизнинг жонкуяр аҳолисига миннатдорлик билдираман.
Қутқарувчилар — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ходимларига, тез тиббий ёрдам шифокорларига алоҳида раҳмат айтаман. Агар ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаганда фожиа оқибатлари бунданда ёмон бўлиши мумкин эди.
Сизлар — мамлакатимизнинг ҳақиқий ватанпарварларисиз.
Ишонтириб айтмоқчиманки, Президентимиз топшириқлари билан фожиа оқибатларини тезда бартараф этиш учун барча имкониятлар ишга солинган. Давлатимиз раҳбари учун ҳар бир фуқаро муҳим ва қадрли. Фурсатдан фойдаланиб, жабрланганларнинг оила аъзоларига ўзимизнинг чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз.
Бундай кунлар бизни ҳам бирлаштиради, ҳам синайди. Барчамиз мавжуд вазиятдан тўғри сабоқ чиқарамиз, деб умид қиламан.
Юртимиз тинч бўлсин”, — дея ёзиб қолдирган Саида Мирзиёева.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!