Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир дунёда 500 миллиондан зиёд киши қандли диабет касаллигидан азият чекмоқда. Хавотирли жиҳати, 2050 бориб, бу кўрсаткич 1,5 миллиард нафарга етиши мумкин.
Шу боис ҳозир ушбу хасталикнинг самарали давосини топишга катта куч ва ресурслар сафарбар этилмоқда.
Бундай тадқиқотлардан навбатдагиси япон олимларига тегишли бўлди. Унинг натижаларига доир ҳисобот яқинда “Nature” илмий нашрида чоп этилди.
Қандли диабетнинг 2-турини даволашга қаратилган мазкур изланишларда ичак микрофлораси ва унда яшовчи бактериялар ҳақида сўз боради.
Тадқиқот давомида 300 нафар инсоннинг ичак тизимидан олинган бактериялар текширилди. Маълум бўлишича, организмдаги инсулинга нисбатан юқори қаршилик ичакда моносахаридлар кўплиги билан изоҳланади.
Навбатдаги босқичда микрофлорадан олинган микроорганизмлар таркиби ҳамда ахлатдаги углеводлар даражаси ўрганилди. Аниқланишича, инсулинга чидамлилиги юқори бўлган одамларнинг ичак флораси Lachnospiraceae бактерияларига бой.
Bacteroidales гуруҳига кирувчи бактериялар устунлик қилувчи ичак микрофлорасида эса инсулин қаршилиги ва моносахаридлар даражаси пасаяди.
Мазкур тадқиқот натижасида топилган янги муолажа усули ҳозирча лаборатория шароитида, жониворларда синовдан ўтказилди.
Япон олимлари энди бу жараёнга қандли диабетдан азият чекаётган беморларни кўнгилли сифатида жалб қилишни режалаштирмоқда. Унинг натижаларига кўра, якуний хулосалар эълон қилинади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!