O‘zbekiston

Ўзбекистон энергетика тармоғида яна бир мегалойиҳа ишга туширилади

Ўзбекистон энергетика тармоғида яна бир мегалойиҳа ишга туширилади

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Энергетика вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан барпо этилаётган, қуввати 1500 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станциясида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ҳамда блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди.

Иссиқлик электр станцияси Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида барпо этилмоқда. Унда “Митсубиши” (Япония) компаниясининг дунёдаги энг замонавий ва энергия тежамкор газ турбиналари ўрнатилмоқда.

Мазкур электр станциясининг дастлабки 500 МВт қуввати октябрь ойининг биринчи декадасида ишга туширилади. Жорий якунига қадар эса яна 500 МВт қувват фойдаланишга топширилса, 2024 йилнинг биринчи чорагида ИЭС тўлиқ қувватда иш бошлайди.

Умумий қиймати 1,1 млрд АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳа Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилди

Станция тўлиқ ишга туширилгач, йилига 12 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Унда энг замонавий, энергия тежамкор технологиялар ўрнатилиши ҳисобига йилига 1,1 млрд куб метр табиий газ тежалади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, станция қурилиши давомида 2000 тагача, ишга тушгандан кейин эса 120 та янги иш ўрни яратилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августда имзоланган “Сирдарё вилоятида қуввати 1 500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4799-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда.