Бош вазир матбуот котиби Сергелида юз берган портлаш натижасида етказилган зарар айбли тадбиркор томонидан эмас, балки давлат ҳисобидан қопланаётганига изоҳ берди.
Унга кўра, Чиндан ҳам, фуқаролик ва жиноят қонунчилиги бўйича хусусий тадбиркорнинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида бошқа шахсларга етказилган зарарни давлат эмас, балки айбли ҳаракат содир қилган тадбиркорнинг ўзи қоплаб бериши керак.
Лекин нега бундай қилиняпти, деган савол туғилиши табиий.
Гап шундаки, процессуал қонунчиликка кўра, содир бўлган ёнғин оқибатида етказилган зарар бўйича айбдорларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда зарар қоплаш бўйича тергов ҳаракатлари ва суд жараёни кўп вақт талаб этади.
Бугунги кунда мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ана шу жиҳатларни инобатга олиб, ёнғин оқибатида хонадонларига талофат етган фуқароларни совуқ тушмасдан тезроқ уйларига киритиш бўйича ҳукумат олдига қатъий топшириқ қўйганлар ва унинг ижросини шахсан ўзлари доимий назорат қилиб турибдилар.
Бундан ташқари, Конституциямизнинг 23-моддасида давлат ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши белгиланган.
Шу боис, тергов ва суд жараёнлари якунига етгунига қадар таъмирлашга керак бўладиган маблағлар захира жамғармасидан ишлатиб турилибди.
Матбуот котибининг қайд этишича, тергов ва суд ишлари якунига етгач, таъмирлаш учун захирадан ишлатилган пуллар тийин-тийинигача айбдорлардан суд орқали ундириб олинади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!