O‘zbekiston

“Яма”лар етказган зарарни ким қоплайди?

“Яма”лар етказган зарарни ким қоплайди?

Қарийб 1 ойдан буён давом этаётган ёмғирли об-ҳаво, ўзи шундоғам ҳавас қилиб бўлмайдиган автомобил йўлларидаги асфальт қопламаларига жиддий шикаст етишига сабаб бўлмоқда. Йўлларда юриб бўлмай қолди, ҳаммаёқ илма-тешик бўлиб кетди.

Йўлларда пайдо бўлган чуқур (яма)лар транспорт воситаларининг ғилдиракларига жиддий шикаст етказаётганига кўзимиз тушяпти. Ҳатто айрим вазиятларда йўлнинг носозлиги йўл-транспорт ҳодисаларига ҳам сабаб бўлмоқда.

Ана шундай вазиятларда зарар кўрган ҳайдовчилар кўрилган зарарни ундириб олиши мумкин. Албатта, бу жуда осон иш эмас, аммо қилса бўлади, қонуний асоси бор.

“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига кўра, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Шу қонуннинг 25-моддасига кўра автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шарт.

Маълумот учун, республиканинг барча умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари қайсидир махсус ваколатли орган ихтиёрида бўлади. Бунда йўлнинг “эгаси” 3 хил ташкилот бўлиши мумкин.

1) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари “Ўзавтойўл” қўмитаси ихтиёрида;

2) шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари — маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида;

3) хўжалик автомобиль йўллари тегишли ташкилотлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлади.

Обуначиларга тавсиям, бордию Сизнинг автомобилингиз ҳам йўлдаги «яма» таъсирида шикастланган бўлса ўша йўлни балансида сақловчи ташкилотни топинг ва зарар ўрнини қоплаб беришларини талаб қилинг.

Тўғри, ўша ташкилот дарров «таслим бўлмайди», талабингизни рад этиши эҳтимоли юқори. Шундай бўлса, етарли далилларни тўпланг ва тегишли судга мурожаат қилинг.