Jahon

Толибон олий таълим вазири: «Аёллар эркаклар билан тенг эмас»

Толибон олий таълим вазири: «Аёллар эркаклар билан тенг эмас»

Ғарб давлатларининг эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгликни намойиш этишга уринишларига қарамай, аёллар ва эркаклар «тенг эмас», деди раҳбар вазифасини бажарувчи Афғонистон Муваққат ҳукумати олий таълим вазири Неда Муҳаммад Надим Бағлан университетида бўлиб ўтган йиғилишда, дея хабар бермоқда Tolonews.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда аёллар билан боғлиқ муаммоларни баҳона қилиб, мавжуд тизимни йўқ қилишга уринишлар кўрилмоқда. Надим, шариат ва Аллоҳнинг амрларига кўра, эркак ва аёл тенг эмаслигини қўшимча қилди.

“Аллоҳ таоло эркак ва аёлни ажратди. Эркак ҳукмдор, унинг кучи бор, унга итоат қилиш керак, аёл эса ўз дунёсини қабул қилиши керак. Аёл эркак билан тенг эмас, лекин улар [Ғарб давлатлари] уни эркакдан устун қўйишган”, деди Надим.

Бағлан университетида сўзлаган Неда Муҳаммад Надимнинг айтишича, ҳозирги ҳукуматнинг вазифалари одамларга яхши муносабатда бўлиш, хавфсизлик ва адолатни таъминлашдир.

“Халқ билан яхши муносабатда бўлиш Ислом амирлигининг масъулияти. Бу енгиллик келтириши, хушхабар келтириши, нафрат ва келишмовчилик бўлмаслиги керак”, — дея таъкидлади Надим.