АҚШ ҳарбий қўмондонлиги хабар қилишича, Эрон Ямандаги Хусий исёнчиларига юборган 1,1 миллион ўқ мусодара қилинган ва уларни АҚШ Украинага юборди.
Яқин Шарқдаги жанговар амалиётлар учун масъул АҚШ Марказий Қўмондонлиги (Centcom) хабарига кўра, қўмондонликнинг ҳарбий денгиз кучлари 2022 йил декабр ойи бошида бирор бир мамлакатга тегишли деб рўйхатга олинмаган «Марван» деб номланган кемани қўлга олган.
Кемада 1,1 миллион патрон борлиги аниқланган, бу патронлар Совет замонида ишлаб чиқарилган қуролларга мўлжалланган 7,62 мм калибр патронлари бўлган.
АҚШ ҳукумати ушбу ҳодиса бўйича Эрон Ислом қўриқчилари корпуси устидан маҳкамага мурожаат қилган ва шу йил июлида бўлиб ўтган суд патронларни АҚШ ҳукумати фойдасига мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган.
Америка тарафи Эрон патронларини 2 октябр куни Украинага топширгани ҳақида хабар қилди.
Эрон Ямандаги фуқаролар урушида Шиа Хусий қавми қуроллиларини дастаклаб келади.
2014 йили бошланган урушда Хусийларнинг қўли баланд келди, улар пойтахт Сано устидан назоратни қўлга киритдилар, Яман ҳукумати қочишга мажбур бўлди.
Ҳозир хорижда фаолият юритадиган Яман ҳукумати халқаро ҳамжамият расман тан олган, 2015 йили БМТ Хавфсизлик Кенгаши Хусий исёнчиларини қурол-яроғ билан таъминлашни таъқиқлаш ҳақида резолюция чиқарган.
Яман ҳукуматини Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция, шунингдек, АҚШ ва Британия қўллаб-қувватлаб келади.
2022 йил ўрталаридан Эрон Украинага қарши урушда Россияга қурол-яроғ билан ёрдам бераётгани хабарлари тарқалди.
Россия Эрондан «Шаҳид» дронларини олди ва кейинроқ «Шаҳид» дронларини Россиянинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Эрон Россияни дастаклаётганини рад этади.
1 миллион патрон катта рақам кўринса-да, Украинада кетаётган уруш учун жуда озлик қилади, чунки Украина аскарлари бу ўқларни бир неча кунда тугатиб қўйишлари мумкин.
Шу кунларда АҚШда молиявий йил якунига етгани муносабати билан Американинг Украинага ёрдами тўхтатиб қўйилди.
Раҳбарият кўмакларни тез орада қайта тиклашга ваъда бермоқдалар, аммо бу қачон бўлиши номаълум.
Айни вақтда Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари Украинага етказиб бераётган қурол-яроғлари тугаб қолиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқдалар.
5 октябрь куни Европа Иттифоқининг дипломатия раҳбари Жозеп Боррел, Европа Америка бериб турган ёрдам ўрнини босолмайди деб айтди.
АҚШ шу вақтгача Украинага 200 миллиондан ортиқ патрон ва граната берган.
Варшавада бўлиб ўтган хавфсизлик форумида НАТО қўмитаси раҳбари Адмирал Роб Бауэр, «бочканинг таги кўриниб қолди», деди.
Маълум бўлишича, ҳали Украина уруши бошланмасидан олдин аксар НАТО мамлакатлари йилма-йил мудофаага бюджетдан маблағларни қисқартириб келишган, оқибатда ҳарбий обморлар ёки ярим, ёки бўшаб қолган.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!