— Аллергик альвеолит — ўпка яллиғланиши билан кечадиган касаллик. Аммо унинг белгилари бошқа хасталиклар билан жуда ўхшаш. Иситма, йўтал, нафас етишмовчилиги, ҳолсизлиқ, чарчоқ, мушаклардаги оғриқлар шулар жумласидан.
Айни сабабдан махсус диагностик воситалар, лаборатор текширувлар ва тор соҳа мутахассислари кўмагисиз бу касалликни аниқлаш ҳам, даволаш ҳам мушкул.
Болаларда аллергик альвеолит катталарга қараганда камроқ учраса-да, бироқ ўткир шаклда кечади. У асосан 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўғил-қизлар орасида кузатилади.
Хасталик қўзғатувчиси пичан, қуш ва парранда патлари ва ахлати, замбуруғ споралари, уй, сабзавот ва қаҳва чанги, дорилар ҳамда бошқа кимёвий ва органик моддалар ҳисобланади.
Мазкур аллергенлар жуда кичик ҳажмда бўлгани туфайли бронхлар ва трахеяда ўрнашолмайди ва асосан ўпка алвеолаларида жойлашади. Оқибатда аллергик реакция чоғида ўпка яллиғланиб, худди гриппга чалинган беморлардаги сингари нафас сиқиши, йўтал, қуруқ балғам ажралиши, тана ҳарорати кўтарилиши каби ҳолатлар кузатилади.
Альвеолитнинг ўткир шаклида касаллик белгилари аллергенларнинг давомий таъсири туфайли юзага келади.
Дастлаб бола умумий заифлик, титроқ ва бош оғриғидан шикоят қилади. Ушбу аломатлар ўткир респиратор вирусли инфекциялар аломатларига ўхшайди. Бу эса ўз вақтида ташхис қўйиш жараёнини қийинлаштиради.
Сўнг кичик ёшли бемор қуруқ йўтал ва нафас қисишидан азият чека бошлайди. Аллерген билан алоқа тўхтатилгач, яъни бола тоза ҳавога чиққач, аҳволи яхшиланиб, аломатлар сезиларли даражада камайиши ва 2-3 кун ўтиб бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин.
Хасталикнинг давомли шакли енгил йўтал ва нафас қисиши билан таснифланади. Бунда бемор аллерген билан алоқани тўхтатгач, тикланиш жараёни бир неча ҳафта давом этади.
Бироқ аллерген билан алоқа мунтазам давом этса, бора-бора хасталик ривожланиб, сурункали шаклга ўтади. Оқибатда нафас қисиши ва балғам ажралиши билан кечадиган йўтал доимий тусга киради.
Тўқималарнинг етарли кислород билан тўйинмаслиги оқибатида бармоқлар бўғимлари деформацияси юзага келади.
Вақт ўтган сайин беморнинг аҳволи оғирлашиб, ҳорғинлик, заифлик, иштаҳа пасайиши, вазн йўқотиши, мушаклардаги оғриқлар кучаяди.
Хасталикнинг сурункали шаклида бемор аллергия қўзғатувчи моддалар билан рўбарў келмаса, аломатлар вақтинча камайиши мумкин, аммо улар бутунлай йўқолмайди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!