«Юртимизда бундай маскан бошқа ҳеч қаерда йўқ. Мен Ботаника боғини тижорий тузилмалар бошқарувига топширишга қатъиян қаршиман. Унинг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт», дея маълум қилди президент ёрдамчиси.
Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Тошкент шаҳридаги Ботаника боғи тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
«Ботаника боғи – бу кўнгилочар жой эмас. Бу – бутун шаҳримиз ҳар куни нафас олаётган Тошкентнинг «ўпкаси». Бу – биз ғурурланадиган тарих», дейди у.
Қайд этилишича, 70 йилдан ортиқ вақт давомида истеъдодли олимлар ушбу боғда бебаҳо дарахтлар ва ўсимликларни етиштирган, уларга ўз меҳр-муҳаббатини бағишлаган.
«Юртимизда бундай маскан бошқа ҳеч қаерда йўқ. Табиатнинг ана шу бир парчасини асраб-авайлаш, уни ҳимоя қилиш ва болаларимизга етказиш бизнинг бурчимиздир. Мен Ботаника боғини тижорий тузилмалар бошқарувига топширишга қатъиян қаршиман. Унинг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт», дея маълум қилди президент ёрдамчиси.
Билдирилишича, боғни олимлар яратган ва у олимлар ихтиёрида бўлиши, бутун ўзбекистонликлар учун хизмат қилиши лозим.
«У Фанлар академияси ихтиёрида қолади», деб ёзди Саида Мирзиёева.
Аввалроқ project.gov.uz порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Истироҳат боғлари фаолияти ва уларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинганди.
Унга кўра, маданият ва истироҳат боғларини вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган «Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари» тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.
Пойтахт ҳокимлиги баёнотига кўра, Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмайди ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас.
Олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида қарорига, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси собиқ депутати, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ўз муносабатини билдирган эди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!