Ижтимоий тармоқларда “Энди хонадонда бирданига учта кондиционерни уласангиз ҳисоблагич токни автоматик тарзда узади” ёки “ҳисоблагич орқали 10-15 kW қувват доирасида чеклов киритилади” сарлавҳали хабарлар кенг тарқалиб, бу, ўз навбатида, кўпчилик электр энергияси истеъмолчилари орасида турли тушунмовчиликлар ва қатор саволларни келтириб чиқармоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарори билан ўзгартириш киритилган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг тегишли бандига асосан, жорий йил 1 ноябрдан бошлаб истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан (ҳамда жойлашган ҳудудидан) келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10-15 kW қувват доирасида чеклов киритилиши белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, бундай чора эскирган ва ортиқча юклама билан ишлаётган электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари жойлашган маълум бир ҳудудларда истеъмолчиларни узоқ вақт электр таъминотидан узилиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида зарурат юзасидан қўлланилади. Яъни, бу йил қиш ва ёз ойларида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити каби вазиятлардагина вақтинча электр тармоқларига ортиқча юкламалар тушишини олдини олиш учун амалга оширилади.
Маълумот ўрнида, юқоридаги қарорга асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ҳамда жойлашган ҳудудидан келиб чиққан ҳолда, ҳисоблагич орқали 10-15 kW қувват доирасида чеклов киритилиши белгиланганини эътироф этиш жоиз.
Шу ўринда, қатор ижтимоий тармоқлар ҳамда блогерлардан аҳоли орасида турли тушунмовчиликлар келтириб чиқармаслик учун соҳа мутахассислари ҳамда ваколатли ташкилотлардан расмий маълумот олмасдан туриб бундай хабарларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!