O‘zbekiston

Тошкент метросида талаба қиз ўзини рельс устига ташлади

Тошкент метросида талаба қиз ўзини рельс устига ташлади

Тошкент метрополитенининг “Алишер Навоий” бекатида 18 ёшли қиз яқинлашиб келаётган поезд олдида рельслар устига сакраб тушди, дея хабар берди ИИВ Транспорт ва туризм объектларини қўриқлаш бошқармаси матбуот хизмати.

Бошқарма маълумотларига кўра, воқеа 12 октабрь куни содир бўлган. Платформада бўлган Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси (МХТБ) ходими буни пайқаб, унинг ортидан рельсларга сакраб тушади ва қизни кўтариб, чиқариб олишга уринади.

Машинист дарҳол поездни тўхтатади. Бу вақтда МХТБнинг иккинчи ходими ёрдамга келади ва у ҳам рельслар устига тушади. Улар биргаликда қизни платформага кўтаришга муваффақ бўлишади.

Аниқланишича, қиз Фарғона вилоятидан бўлиб, 2005 йилда туғилган, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 2-босқич талабаси. МХТБ ходимлари қизга тиббий ёрдам кўрсатиш учун тез ёрдам чақириб, унинг қариндошлари билан боғланади ва содир бўлган воқеа ҳақида хабар беришади.

Кузатув камераларидаги видеоёзувларни кўриш чоғида қиз воқеа вақтида ўзини ноўрин тутгани маълум бўлди, дея таъкидлади бошқарма.