Франция Фаластинни қўллаб-қувватловчи барча намойишларни тақиқлаб қўйди ва қоидаларни бузган хорижликларни депортация қилиш билан таҳдид қилди, деб хабар бермоқда BBC News.
Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен қоидаларни бузган чет эл фуқароларини депортация қилиш билан таҳдид қилган, президент Эммануэль Макрон эса мамлакатни бирдамликка чақирган. Тақиқланганига қарамай, пайшанба куни Парижда Фаластин тарафдорлари катта норозилик намойиши ўтказди.
Полиция 10 кишини ҳибсга олди ва 3000 кишилик Республика майдонида «Исроил қотил» ва «Фаластин ғалаба қозонади» деган шиорлар ва Фаластин байроқларини кўтарган намойишни тарқатиш учун сув тўпларидан фойдаланди.
Намойишларни тақиқлашни буюрган вазир Дарманен буни эътиборсиз қолдирганларни ҳибсга олиш кераклигини, чунки улар жамоат тартибини бузиши мумкинлигини айтди.
Бунга жавобан Фаластин тарафдорлари гуруҳи Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш учун намойишларни давом эттиришга ваъда беришди.
Президент Макрон видеомурожаатида француз халқини бирдамликка чақириб: “Халқаро бўлинишларга миллий бўлинишларни қўшмайлик”, деди.
ХАМАСнинг шанба куни Исроилга уюштирган ҳужумида 13 нафар Франция фуқароси ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Президент Макрон 17 нафар Франция фуқароси бедарак йўқолган ва Ғазо секторида ХАМАС жангарилари томонидан гаровга олинганлар орасида бўлиши мумкинлигини айтди ва “Франция Исроил ва ҳамкорларимиз билан биргаликда уларни ватанига қайтариш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда”, деди. Йўқолганлар орасида тўрт нафар бола ҳам бор.
Францияда деярли 500 000 кишидан иборат, Европадаги энг катта яҳудийлар жамоаси яшайди. Франциядаги мусулмонлар ҳам Европадаги энг йирик жамоалардан бири бўлиб, беш миллион кишини ташкил этади.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!