Jahon

Ўзбекистонда Auezov University филиали очилади

Ўзбекистонда Auezov University филиали очилади

Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳрида Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиали очилади, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Бу Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги музокаралар якунлари ва Auezov Universityнинг 80 йиллиги муносабати билан имзоланган келишув асосида амалга оширилмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг музокаралари якунлари бўйича махсус йўл харитаси ишлаб чиқилиб, тегишли ишлар амалга оширилди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳрида Мухтор Авезов номидаги таълим муассасаси филиалини очиш бўйича икки давлатнинг тегишли вазирликлари даражасида уч томонлама шартнома имзоланди.

Auezov University ушбу филиалда 18 та таълим дастурлари бўйича талабаларни тайёрлайди.

– Чирчиқ Ўзбекистоннинг саноати ривожланган шаҳарларидан биридир. Ҳудудда машинасозлик, металлга ишлов бериш, кимё саноати жадал ривожланган. Ана шундай тенденцияларни инобатга олган ҳолда Auezov Universityда ҳудуд учун зарур бўлган таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади, – деди М.Авезов номидаги таълим муассасаси бошқаруви раиси, ректор Дария Қожамжарова.