Jahon

Қирғизистонда криминал авторитет ўлими учун қасос олишга борган ўзбекистонликлар ушланди

Қирғизистонда криминал авторитет ўлими учун қасос олишга борган ўзбекистонликлар ушланди

Ўзбекистонлик уч нафар «ёлланма қотил» аввалроқ маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус операцияси пайтида ўлдирилган криминал авторитет Қамчибек Қўлбоев учун «қасос олиш» мақсадида чегарадан ноқонуний ўтгани айтилмоқда.

Уч нафар «ёлланма қотил» Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганида ушланди, деб хабар берди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб 24.kg.

Қайд қилинишича, бу шахслар Қирғизистонга криминал авторитет Қамчибек Асанбек (Қўлбоев) ўлимига қасос олиш учун кирган. Қўлга олиш чоғида улар бир қатор фуқароларнинг қотиллигига алоқадорлиги учун қидирувда экани маълум бўлган.

Ушланганлар Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда: Каримбердиев Ойбек Аббос уулу (1997 йилда туғилган), Рустамов Азамат Шуҳратович (1996 й.т.) ва Абдулкаффаров Исломхон Абдусамат уулу (1994 й.т.).

«Тергов-қидирув тадбирлари давомида улар жиноий дунё вакилларидан Қамчибек Асанбек ўлими учун қасос олишга «буюртма» олишганини маълум қилишди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва «Алфа» махсус хизмати билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар доирасида юқоридаги жиноятчилар 13 октябр куни Бишкек шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилди», дейилади хабарда.