Ҳолат юзасидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мурожаатига асосан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Бош прокуратура томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида Қўшкўпир туманидаги 19-мактаб 9-синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, мактаб маъмурияти ва фермер хўжалиги раҳбари билан суҳбат ўтказилди ва белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
«Суҳбат давомида 19-мактабнинг 9-синф ўқувчилари тумандаги «Дурдона» маҳалласида жойлашган «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалигига тегишли шоли даласида дарс машғулотларидан сўнг ушбу хўжалик раҳбарининг таклифига асосан, маълум бир ҳақ эвазига далада ўрилган шолини тўплаш ишларини бажаришга жалб қилинганлиги аниқланди. Шу билан бирга, мактаб маъмуриятининг ушбу ўқувчиларни шоли ўримига мажбурий жалб қилиниши ҳолати ўз тасдиғини топмади», – дейилади Олий Мажлис Сенати хабарида.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан Қўшкўпир тумани «Иброҳим балиқчи» фермер хўжалиги раҳбари томонидан вояга етмаган шахсларга нисбатан меҳнат қонунчилиги ва болалар меҳнатидан уларнинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланганлиги ҳолати Қўшкўпир туман судида кўриб чиқилди.
Суд қарори билан фермерга МЖтКнинг 49-моддаси (меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми ва 49-1-моддасида (вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 10 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Sizda shikoyat, taklif yoki murojaat bormi? Bizga @demokratuz_aloqabot orqali murojaat qiling!